Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси томонларининг 31-конференцияси (COP31) доирасида иқлим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг иқлим ўзгаришига бардошлилигини оширишга қаратилган лойиҳаларга инвестициялар жалб қилиш масалаларини муҳокама қилади.
«Ўзбекистон ва БМТТДнинг стратегик иқлим ҳамкорлиги: мажбуриятлардан инвестициялар ва барқарорликни оширишгача» мавзусидаги тадбир 2026 йил 11 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳридаги Ўзбекистон миллий павильонида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Асосий эътибор Париж битими доирасидаги миллий иқлим мажбуриятларини, хусусан, Ўзбекистоннинг учинчи миллий даражада белгиланган ҳиссасини (ОНУВ 3.0) амалга оширишга қаратилади. Шунингдек, иштирокчилар институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, иқлимни молиялаштириш механизмларини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш имконига эга лойиҳаларни тайёрлаш масалаларини кўриб чиқади.
Муҳим мавзулардан бири Ўзбекистоннинг Йўқотишлар ва зарарларга жавоб бериш жамғармаси (FRLD) билан ҳамкорлик қилиш ташаббуси бўлади.
Бундан ташқари, мамлакатнинг БМТТД кўмагида Climate BRIDGE ташаббусида дастлабки пилот мамлакатлардан бири сифатида иштирок этиши масаласини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Climate BRIDGE дастури ОНУВ 3.0 доирасида белгиланган иқлим мажбуриятларини аниқ инвестиция лойиҳаларига айлантириш ва тегишли лойиҳалар портфелини шакллантиришга қаратилган.
Иштирокчилар иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича Миллий режаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, энг заиф ҳудудлар ва жамоалар, жумладан, Оролбўйи аҳолисининг иқлим ўзгаришига бардошлилигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишни режалаштирмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон давлат органлари, БМТТД, халқаро молия институтлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Сессия доирасида ҳамкорликнинг эришилган натижалари ва устувор йўналишлари тақдим этилади, FRLD орқали маблағ жалб қилиш имкониятлари ҳамда инвестиция лойиҳаларини тайёрлашда Climate BRIDGE ташаббусидан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинади.
Учрашув натижасида ҳамкорликнинг кейинги йўналишлари, иқлимни молиялаштириш маблағларини сафарбар этиш ва Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига бардошлилигини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаш имкони яратилиши кутилмоқда.