Шошилинч
Иқтисод

Ўзбекистон ва Афғонистон юк ташиш ҳажмини оширади

Ўзбекистон ва Афғонистон юк ташиш ҳажмини оширади
Ўзбекистон ва Афғонистон юк ташиш ҳажмини оширади / Фото: "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда юк ташиш ҳажмини оширишга келишиб олди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабар берди.

2026 йил 18 ноябрь куни Ҳайратон шаҳрида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси З. Г. Нарзуллаев ва Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари Мавлавий Абдул Карим Фотеҳ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар темир йўл қатновини янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва икки мамлакат ўртасидаги юк оқимини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Таъкидланишича, жорий йилда ўзаро юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошган.

Музокаралар якунида Найбобод станциясини белгиланган муддатларда ривожлантириш ҳамда Ҳайратондан Мозори Шарифга юкларни темир йўл орқали ташишни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, томонлар поездларнинг суткалик умумий айланмасини ошириш, Афғонистон темир йўл соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш ниятида.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.