Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва АҚШ инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.
9 октябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник билан учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар йил охирига қадар режалаштирилган икки томонлама тадбирлар жадвалини кўриб чиқди. Шунингдек, АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувларни ташкил этиш ва истиқболли инвестиция ташаббусларини илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда тоғ-кон саноати, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.