Иқтисод

«Ўзбеккўмир» 2026 йилда аҳолига 1,53 млн тонна кўмир етказиб беради

«Ўзбеккўмир» 2026 йилда аҳолига 1,53 млн тонна кўмир етказиб беради
«Ўзбеккўмир» 2026 йилда аҳолига 1,53 млн тонна кўмир етказиб беради / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбеккўмир» АЖ 2026 йилда аҳолига 1 млн 530 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб беришни режалаштирмоқда. Айни пайтда компания маҳсулотни ҳудудлар ўртасида босқичма-босқич тақсимлаб, биржа савдоларига чиқармоқда.

Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган кўмирнинг дастлабки партиялари аллақачон биржа орқали сотилди. Уларни хусусий тадбиркорлар харид қилган бўлиб, ҳозирда зарур шартномаларни расмийлаштириш ва маҳсулотни тегишли ҳудудларга етказиб беришни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Кўмир омборларга келиб тушганидан сўнг тадбиркорлар уни mycoal.uz электрон платформаси орқали аҳолига сотади. Сотувлар бошлангани ҳақидаги маълумотлар, омборлар манзиллари, мавжуд кўмир ҳажмлари ва бошқа зарур маълумотлар платформада ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида жойлаштирилади.

Шу муносабат билан аҳолига кўмир сотуви ҳақидаги маълумотларни фақат расмий манбалар ва mycoal.uz платформаси орқали олиш тавсия этилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудларда хонадонлар рўйхатини шакллантириш ва аҳолининг кўмирга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ишлари давом этмоқда.

«Ўзбеккўмир»да таъкидланишича, хонадонларнинг эҳтиёжлари тўғрисида тўлиқ маълумотларни тезкор шакллантириш маҳсулотни самарали тақсимлаш ва ҳудудларга ўз вақтида етказиб бериш учун зарур.

Компания, шунингдек, тасдиқланган баланс доирасида маҳаллий кўмирни биржа савдоларига чиқариш чораларини кўрмоқда.

Шу билан бирга, савдоларда ғолиб бўлган тадбиркорларга маҳсулотни юклаш ва етказиб бериш жараёнлари мувофиқлаштирилмоқда.

«Ўзбеккўмир» АЖ аҳолига кўмир етказиб беришда очиқлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилишини маълум қилди. Компания маҳаллий кўмирни тақсимлаш ва сотиш жараёни ҳақида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб боришни ҳам режалаштирмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.