Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Япония инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда бир қатор соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
10 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг Ёсицугу Минагава бошчилигидаги Япония—Ўзбекистон «Ипак йўли» жамғармаси (JUSRF) делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Sakura Global Holding, Sakura Seiki, JA Hokkaido Central Union ва Япониянинг бошқа ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, Япония компанияларини инвестиция ташаббусларига жалб қилиш ва инфратузилма, соғлиқни сақлаш, саноат, таълим ҳамда туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш истиқболларини кўриб чиқди.
Тиббиёт таълимини ривожлантириш ва университет клиникасини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Япония бизнесининг Самарқанддаги махсус иқтисодий зона лойиҳасида иштирок этиши, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар 2024 йил июль ойида имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида ҳамкорликни давом эттириш ниятини тасдиқлади.
Кейинги босқичдаги устувор вазифалар сифатида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш белгиланди.