Ўзбекистон

Ўзбекистон чиқиндилар тўғрисидаги қонунчиликни янгилайди

Ўзбекистон чиқиндилар тўғрисидаги қонунчиликни янгилайди
Ўзбекистон чиқиндилар тўғрисидаги қонунчиликни янгилайди / Фото: Олий Мажлис Сенати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Ҳужжат чиқиндиларни йиғиш, ташиш, саралаш, қайта ишлаш ва жойлаштириш қоидаларини янгилашни, шунингдек, уларнинг ҳаракатланиши ҳамда хавфли материаллар билан ишлаш устидан назоратни кучайтиришни назарда тутади.

Қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурати амалдаги қонун қабул қилинганидан бери 24 йил ўтгани билан боғлиқ. Бу даврда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмлари ошди, чиқинди турлари рўйхати кенгайди, қайта ишлашнинг янги технологиялари пайдо бўлди, хусусий операторлар ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг аҳамияти ортди.

Шу билан бирга, соҳада чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, уларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш, хизматлар учун тўловни ҳисоблаш ҳамда истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Қурилиш, саноат ва тиббиёт чиқиндиларини йиғиш, ташиш ва сақлаш жараёнларини қўшимча тартибга солиш талаб этилмоқда.

Қонуннинг янги таҳрири тўққизта боб ва 60 та моддадан иборат.

Чиқиндилар таснифи ва давлат органларининг ваколатлари

Қонун лойиҳасида чиқинди турлари ва уларнинг хавфлилик даражасини аниқроқ белгилаш назарда тутилган. Қонунчиликка чиқиндиларни саралаш, уларнинг ҳосил бўлишини камайтириш, айланма иқтисодиёт ва чиқиндиларни трансчегаравий ташиш тушунчаларини киритиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, чиқиндиларнинг ягона каталогини яратиш ва уларни I дан V гача бўлган бешта хавфлилик синфига ажратиш режалаштирилган.

Ҳужжат чиқиндилар ҳисобини юритиш, соҳани рақамлаштириш, лицензиялаш ва инвестицияларни жалб қилиш борасида давлат органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатларини аниқлаштиради. Тиббиёт, қурилиш, кончилик ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш учун масъул идораларнинг вазифалари алоҳида ажратиб кўрсатилади.

Санитария тозалаш ишларини ташкил этиш ва тегишли хизматлар самарадорлиги учун маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ҳам кучайтириш режалаштирилган.

Чиқиндиларни ташиш ва улар билан ишлаш устидан назорат

Асосий ўзгаришлардан бири чиқиндиларни ташиш устидан назоратни кучайтириш бўлади. Қонун лойиҳасида чиқиндиларни ташиш фаолиятини лицензиялаш, шунингдек, хавфли чиқиндиларни ташишда фойдаланиладиган транспорт воситаларига нисбатан махсус талаблар жорий этиш ва уларни сертификатлаш назарда тутилган.

Чиқиндиларнинг ҳосил бўлган жойидан якуний манзилгача бўлган ҳаракатини кузатиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, чиқиндиларнинг турлари ва ҳажмлари ҳисобини юритиш кучайтирилади.

Қурилиш ва тиббиёт чиқиндилари учун алоҳида қоидалар белгиланади. Қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқишда чиқиндиларнинг тахминий ҳажми, уларни йиғиш жойлари ва олиб чиқиб кетиш харажатлари олдиндан ҳисобга олиниши талаб этилади.

Тиббий ва биологик чиқиндиларни алоҳида йиғиш, сақлаш, ташиш ва зарарсизлантиришга қўйиладиган талабларни такомиллаштириш режалаштирилган. Қонун лойиҳасида, шунингдек, кам чиқиндили технологияларни қўллаш ва ёпилган чиқинди полигонларини рекультивация қилиш, яъни улардан фойдаланиш тўхтатилганидан кейин ҳудудларни қайта тиклаш ҳам назарда тутилган.

Чиқинди полигонларига нисбатан янги талаблар

Ҳужжатда чиқинди полигонларини турларга ажратиш, уларга қабул қилишга рухсат этилган чиқиндилар рўйхатини белгилаш ва хавфсизлик қоидаларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Маиший чиқиндилар полигонларини хусусийлаштиришни тақиқлаш ва бундай объектларни давлат кадастрида мажбурий ҳисобга олиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини турар жой биноларидан камида 300 метр масофада жойлаштириш талаби белгиланмоқда. Бундай объектлар учун лойиҳа экспертизасидан ўтиш ва чиқиндилар ҳисобини юритиш ҳам назарда тутилган.

Янги нормалар чиқиндилар билан ишлаш соҳасида назоратни кучайтириш, уларни қайта ишлашни рағбатлантириш, экологик хавфсизлик ва чиқиндиларни йиғиш ҳамда олиб чиқиб кетиш хизматлари сифатини ошириш, шунингдек, қонунчилик бузилиши ҳолатларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.