Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти Саудия Арабистони билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат, энергетика, инфратузилма ва бошқа соҳаларга янги лойиҳаларни жалб этишни режалаштирмоқда.
Ҳамкорлик истиқболлари вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва саудиялик тадбиркор Муҳаммад Абунайян ўртасидаги Эр-Риёдда бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.
Музокаралар Бозоровнинг Саудия Арабистонига ишчи ташрифи доирасида ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Тўрғунов ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари ҳам иштирок этди.
Муҳаммад Абунайян Ўзбекистон — Саудия Арабистони ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, Acwa компанияси ва Vision Invest холдинги кузатув кенгаши раиси ҳисобланади.
Томонлар истиқболли инвестиция ташаббуслари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳамда Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Хайрулло Бозоров сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик энергетика, саноат, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ривожланаётганини таъкидлади.
У ҳамкорлик натижаларидан бири сифатида Фарғона вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида 800 ўринли кўп тармоқли шифохона қурилаётганини қайд этди.
Учрашув иштирокчиларининг фикрича, Абунайян раҳбарлик қилаётган компанияларнинг халқаро тажрибаси ва Фарғона вилоятининг салоҳияти ўзаро манфаатли лойиҳаларни янада ривожлантириш учун имконият яратади.
1950 йилда ташкил этилган Саудия Арабистонининг Abunayyan Holding холдинги энергетика, сув таъминоти, нефть-газ ва кимё саноати, шунингдек, транспорт соҳаларида фаолият юритади. Холдингнинг бош қароргоҳи Эр-Риёд шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг таркиби 14 та стратегик бизнес бўлинмасини ўз ичига олади.
Acwa Ўзбекистон иқтисодиётига йирик сармоя киритаётган Саудия Арабистони компаниялари қаторига киради. Компания газ, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, электр энергиясини сақлаш тизимларини жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этмоқда.
Келтирилган маълумотларга кўра, Acwa компаниясининг Ўзбекистондаги 19 та лойиҳага киритган ва киритишни режалаштирган инвестицияларининг умумий ҳажми 15 миллиард АҚШ долларига етган.
Музокаралар якунида томонлар Фарғона вилояти ва Саудия Арабистони ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, янги инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш ҳамда эришилган келишувларни аниқ лойиҳаларга айлантириш зарурлигини таъкидлади.