Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Гулистон шаҳридаги «Бек» чойхонасида 2025 йил 2 декабрь куни газ баллони портлаши билан боғлиқ иш бўйича олти нафар судланувчига ҳукм чиқарилди.
Фожиа оқибатида олти нафар ошпаз ҳалок бўлган, яна ўнлаб киши тан жароҳатлари олган. Жиноят ишлари бўйича Оқолтин туман суди 2026 йил 21 сентябрь куни ҳукм чиқарди.
Иш материалларига кўра, портлашга 2010 йилда ишлаб чиқарилган баллондан газ сизиб чиқиши сабаб бўлган. Баллон ошхона қозони горелкасидан тарқалган юқори ҳарорат таъсирида ёрилган. Унинг охирги техник кўриги 2015 йилда ўтказилган.
Ошхонада, шунингдек, 2000, 2013 ва 2018 йилларда ишлаб чиқарилган газ баллонларидан ҳам фойдаланилган. Улар белгиланган муддатларда техник текширувдан ўтказилмаган.
Ҳодисадан бир кун олдин чойхона ходимлари тўртта баллонни Мирзаобод туманидаги автомобиль газ тўлдириш шохобчасига олиб борган.
Шохобчада маиший газ баллонларини суюлтирилган газ билан тўлдириш учун тегишли лицензия бўлмаганига қарамай, баллонлар тўлдирилган. 2 декабрь куни эрталаб улар ошхона плитаси ва қозонларига уланган. Соат 10:50 да баллонлардан бири портлаган.
Чойхона раҳбари айбини қисман тан олган. Унинг тушунтиришича, 2025 йил октябрь ойидан бошлаб муассасада газ босими пастлиги сабабли пропан баллонларидан фойдаланиш бошланган. Раҳбар меъёрий ҳужжатлар талабларини тўлиқ ўрганмасдан, улардан фойдаланишга рухсат берганини айтган.
Шунингдек, раҳбар муассаса жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатганини билдирган. Судда у ҳалок бўлганларнинг яқинларидан кечирим сўраган ва қарамоғида тўрт нафар фарзанди борлигини, улардан бири ногиронлиги бўлган шахс эканини инобатга олишни илтимос қилган.
Судланувчилардан уч нафари оғир оқибатларга олиб келган меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузишда айбдор деб топилди. Яна уч нафари меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун судланди.
Чойхона раҳбари 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, унга умумий овқатланиш корхоналарида моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш тақиқланди. Тақиқ муддати 2,5 йилни ташкил этади.
Бошқа икки судланувчининг ҳар бири 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Уларга 1,5 йил давомида умумий овқатланиш соҳасида ишлаш ҳам тақиқланди.
Қолган уч нафар судланувчига озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Уларнинг бири тўрт йилга озодлиги чекланиши билан бирга, икки йил давомида ёқилғи қуйиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Қолган икки судланувчининг ҳар бирига 3,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Уларга икки йил давомида автомобиль газ тўлдириш шохобчаларида ишлаш тақиқланди.
Суд, шунингдек, умумий қиймати 8,7 миллиард сўмлик кўчмас мулк ва «Bek family cafe» ҳамда «Guliston GTSh» компанияларига тегишли саккизта автомобильга қўйилган хатловни ўз кучида қолдирди.
Мазкур мол-мулкка қўйилган хатлов манфаатдор шахсларнинг даъволари кўриб чиқилгунга қадар амал қилади.
Портлашдан кейинги дастлабки кунларда уч киши ҳалок бўлгани, турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан 29 киши шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинчалик ҳалок бўлганлар сони олти нафарга етди.
2025 йил 4 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилояти филиалида даволанаётган жабрланганлар ҳолидан хабар олди ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.