Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги Дарғом ва Шоҳруд каналлари 2026 йилда жаҳон ирригация мероси объектлари деб эътироф этилди ва Халқаро ирригация ва дренаж комиссиясининг (ХИДК) тегишли реестрига киритилди. Бу ҳақда Сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш агентлиги хабар берди.
Ушбу қарор Франциянинг Марсель шаҳрида 12–17 октябрь кунлари ўтказилаётган ХИДКнинг 26-халқаро конгресси ва Халқаро ижроия кенгашининг 77-йиғилиши доирасида эълон қилинди.
14 октябрь куни ХИДК президенти Марко Арчиери ва ташкилот бош котиби Ракеш Гупта Ўзбекистондаги ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари вакилларига сертификатлар ва эсдалик лавҳаларини топширди.
Жаҳон ирригация мероси мақоми муҳандислик, хўжалик ва маданий аҳамиятга эга бўлган тарихий ирригация ҳамда дренаж иншоотларига берилади. Дарғом ва Шоҳруд каналлари мамлакат сув хўжалиги тизимида ҳозир ҳам фойдаланилмоқда.
Дарғом канали Марказий Осиёдаги энг қадимий ишлаб турган суғориш тизимларидан бири ҳисобланади. Унинг қурилиши милоддан аввалги V–IV асрларга тўғри келади.
Каналнинг узунлиги қарийб 102 километрни ташкил этади. У Самарқанд воҳасини сув билан таъминлайди ҳамда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги тахминан 178 минг гектар ерга хизмат кўрсатади.
Канал тизими 146 та гидротехника иншооти ва 12 та гидропостни ўз ичига олади. У ўзининг тарихий йўналиши ва сувни табиий нишаблик асосида етказиб бериш тамойилини сақлаб қолган.
Шоҳруд канали тахминан милодий III–IV асрларда қазилган бўлиб, Бухоро воҳасининг ривожланишида муҳим ўрин тутган. Асрлар давомида унинг сувидан далалар, боғлар ва узумзорларни суғориш, шунингдек, ҳунармандчилик ҳудудлари, турар жой маҳаллалари ва шаҳар сув ҳавзалари эҳтиёжлари учун фойдаланилган.
Канал тарихи ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро тарихий маркази билан чамбарчас боғлиқ.
ХИДК конгресси ва йиғилишларида 50 га яқин мамлакатнинг сув хўжалиги идоралари ҳамда миллий ирригация қўмиталари вакиллари, халқаро ташкилотлар, илмий ҳамжамият аъзолари ва соҳа экспертлари иштирок этмоқда.
Асосий мавзулар қаторида иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлаш ва замонавий суғориш технологияларини жорий этиш масалалари бор.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Дўстлик ва Эски Туятортар каналлари ҳам жаҳон ирригация мероси мақомига сазовор бўлган эди.