Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Танзанияда бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 153-Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери Жоҳари бин Абдул билан учрашди.
Учрашувда томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
Жоҳари бин Абдул Ўзбекистон Президентининг 2025 йилда Малайзияга давлат ташрифи ҳамда Малайзия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлганини қайд этди.
Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш ва парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Таълим, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Хусусан, зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг илмий-академик алоқаларни ҳамда икки мамлакат олимлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги имкониятлари қайд этилди.
Учрашувда, шунингдек, Малайзиянинг Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини, шунингдек, Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаши таъкидланди.