Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Парламентлараро Иттифоқнинг 153-Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Марокаш Қироллиги парламенти Маслаҳатчилар палатаси Раиси Муҳаммад Улд ар-Рашид билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Марокаш ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Танзила Нарбаева Марокаш Ўзбекистоннинг Шимолий Африкадаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини таъкидлаб, икки мамлакатнинг тарихий, маънавий ва маданий яқинлиги, шунингдек, ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларини қайд этди.
Икки давлат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашда парламент дипломатиясининг ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу муносабат билан томонлар ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш, шунингдек, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва икки мамлакат хусусий секторлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, маданий-гуманитар алоқалар ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Марокаш Қироллиги парламенти Маслаҳатчилар палатаси парламентлараро ҳамкорлик масалалари бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Ҳужжат икки мамлакат ўртасида тизимли ва самарали парламентлараро мулоқот учун асос яратишга қаратилган.