Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 5–9 октябрь кунлари Анталияда ўтаётган 77-Халқаро астронавтика конгрессида (IAC-2026) мамлакат космик соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тақдим этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Конгресс доирасида вазирлар иштирокида космик соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Шерзод Шерматов ушбу соҳада Ўзбекистоннинг устувор вазифалари, мавжуд имкониятлари ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ёндашувлари ҳақида маълумот берди.
Тадбир иштирокчилари космик технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш, соҳада замонавий ечимларни жорий этиш, давлат ва хусусий секторлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида тажриба ва билим алмашинувини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Миллий космик салоҳиятни халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
2028 йилда Самарқандда Халқаро астронавтика конгрессини (IAC-2028) ўтказишга тайёргарлик доирасида тадбир Ўзбекистоннинг ташкилий ва технологик имкониятларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш майдонига ҳам айланди.
77-Халқаро астронавтика конгресси 5–9 октябрь кунлари Анталияда бўлиб ўтмоқда. Унда астронавтлар, халқаро компаниялар вакиллари ҳамда турли мамлакатлардан 10 мингдан ортиқ иштирокчи жамланган.
Конгресс дастуридан халқаро кўргазмалар, расмий учрашувлар, компаниялар тақдимотлари, академик ва техник йиғилишлар, шунингдек, тажриба алмашиш ва космик соҳани ривожлантириш истиқболларига бағишланган сессиялар ўрин олган.
Конгресс арафасида Халқаро астронавтика федерациясининг вазирлар ва парламент аъзоларининг 16-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Шерзод Шерматов ҳам иштирок этди.
Учрашувда космик соҳани ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ва давлатларнинг космик сиёсати масалалари муҳокама қилинди.