Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Асака туманида умумий қиймати 297 млн сўм бўлган қалбаки банкнотларни 148 млн сўмга сотишга уринган шахс ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қўлга олиш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бўйича Давлат хавфсизлик хизмати бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида амалга оширилди.
Эркак 100 ва 200 минг сўмлик қалбаки банкнотларни шартли харидорга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, қўлга олинган шахс Асака туманида яшайди ва 1987 йилда туғилган. У муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган.
Қўлга олишдан сўнг тезкор тадбирлар давом эттирилди. Унинг яшаш хонадонини кўздан кечириш чоғида қалбаки пул белгиларини тайёрлашда фойдаланилган компьютер жиҳозлари ва Epson принтери аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, хонадонда махсус қоғозга А4 форматда чоп этилган 50 ва 100 минг сўмлик ярим тайёр қалбаки банкнотлар, шунингдек, қоғоз кесиш ускуналари ҳам аниқланди.
Ҳолат юзасидан қўлга олинган шахс ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Иш Ўзбекистон Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди билан квалификация қилинган.
Тергов ҳаракатлари доирасида эҳтимолий шериклар ва ушбу ғайриқонуний фаолиятга алоқадор бошқа шахслар аниқланмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай жиноятларни содир этганлик учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни бундай ҳуқуқбузарликлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Идора хабар берувчининг шахси махфийлиги кафолатланишини маълум қилди.