Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Эрон Ислом Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири бошчилигидаги делегация Ўзбекистон–Эрон қишлоқ хўжалиги бизнес-форуми доирасида Тошкент туманидаги саноат усулида ташкил этилган резавор боғга ташриф буюрди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Эрон вакиллари Мустақиллик маҳалласи ҳудудидаги «Gishtkoprik agro»да жойлашган, «VERY BERRY» МЧЖга тегишли 12 гектарлик боғда бўлди.
Ташриф давомида делегация кўк мевани етиштириш жараёни билан танишди. Мазкур экин Туркия ва Европа мамлакатларидан олиб келинган кўчатлар асосида, саноат боғдорчилигига замонавий ёндашувлардан фойдаланган ҳолда етиштирилмоқда.
Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, амалий тажриба алмашиш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ва Эрон тадбиркорлари ўртасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, боғдорчилик, иссиқхона хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.