Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Инсон ҳуқуқлари бўйича Бешинчи Самарқанд форуми ўз ишини бошлади. Жорий форум «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик» мавзусига бағишланган.
Тадбирда халқаро, минтақавий ва миллий ташкилотларнинг 200 дан ортиқ вакили анъанавий ҳамда онлайн форматларда иштирок этмоқда. Улар орасида 10 та халқаро ташкилот, 8 та минтақавий тузилма, хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 8 та миллий институти, шунингдек, экспертлар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва бизнес вакиллари бор.
Очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл сўзга чиқди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ҳамда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси президенти Мирьяна Споляричнинг табриклари ўқиб эшиттирилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ва ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Мария Телаляннинг видео мурожаатлари намойиш этилди.
Форумнинг биринчи куни Тошкентда иккита ялпи мажлис ва параллел равишда еттита секция йиғилиши ўтказилади. Иккинчи куни форум Самарқанд шаҳрида давом этади. У ерда якуний ялпи мажлисда якуний ҳужжат муҳокама қилиниб, қабул қилинади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Тадбир ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилмоқда.