7
Ўзбекистон

Чўлпонотада МДҲ давлатларининг ҳарбий ҳамкорлиги муҳокама қилинди

Чўлпонотада МДҲ давлатларининг ҳарбий ҳамкорлиги муҳокама қилинди
Чўлпонотада МДҲ давлатларининг ҳарбий ҳамкорлиги муҳокама қилинди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — МДҲ давлатлари мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий жанговар шароитларда учувчисиз тизимлар ва робототехникадан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

Ҳамдўстлик Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Ботир Қудратхўжаев иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Йиғилиш иштирокчилари МДҲ давлатларининг 2026 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик концепцияси амалга оширилиши жараёнини таҳлил қилди ҳамда мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб ва истиқболли йўналишларини кўриб чиқди. Шунингдек, замонавий шароитларни ҳисобга олган ҳолда Ҳамдўстлик доирасида ҳарбий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Йиғилишнинг алоҳида қисми жанговар ҳаракатлар давомида муҳандислик вазифаларини бажаришда учувчисиз тизимлар ва робототехника мажмуаларидан амалий фойдаланиш масалаларига бағишланди.

Мудофаа идоралари вакиллари, шунингдек, ҳужум ва мудофаа операцияларида учувчисиз учиш аппаратларидан жанговар фойдаланиш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Бундан ташқари, вазирлар армия спортини ривожлантириш ва МДҲ давлатлари қуролли кучлари ўртасида ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича мусобақаларни ташкил этишни такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди.

Йиғилиш якунида Мудофаа вазирлари кенгаши Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ва уларнинг қуролли кучларини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қарорларни имзолади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.