7
Иқтисод

МДҲ мамлакатлари Остонада транспорт йўлакларини ривожлантиришни муҳокама қилди

МДҲ мамлакатлари Остонада транспорт йўлакларини ривожлантиришни муҳокама қилди
МДҲ мамлакатлари Остонада транспорт йўлакларини ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари транспорт идоралари вакиллари Остонада бўлиб ўтган МДҲ Транспорт бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг 46-йиғилишида халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, ташувларни рақамлаштириш ва транспорт хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув 15–16 октябрь кунлари New Silk Way форуми доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишга Қозоғистон транспорт вазири Нурлан Сауранбаев раислик қилди. Иштирокчилар кадрлар тайёрлаш, транспорт маъмуриятлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда халқаро ташувлар самарадорлигини ошириш бўйича умумий ёндашувларни келишиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Учрашув якунлари бўйича томонлар транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларига оид қарорларни қўллаб-қувватладилар.

Форум доирасида, шунингдек, Қозоғистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Эрон вакиллари ўртасида Трансafғон транспорт йўлагини ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Иштирокчилар лойиҳа устидаги ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Аввалроқ Қозоғистон Афғонистонда темир йўллар қурилишига инвестиция киритиш нияти борлигини билдирган эди.

Сентябрь ойида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Integra Construction KZ компанияси Хаф — Ҳирот темир йўли участкасини қуришда иштирок этгани ҳақида хабар берди. Мазкур участка аллақачон фойдаланишга топширилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.