Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги (Ўзатом) директори Азим Ахмедхаджаев 6 ноябрь куни Жиззах вилояти Фориш туманидаги Богдон қўрғонида сайёр фуқаролар қабулини ўтказди.
Гибрид форматда ташкил этилган учрашувда қарийб 500 нафар киши иштирок этди. Мурожаатларнинг асосий қисми атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси учун аҳолини иш билан таъминлаш ва кадрлар тайёрлаш масалаларига тааллуқли бўлди.
Қабулда Фориш тумани ҳокими, Ўзатомнинг тегишли бўлинмалари раҳбарлари, АЭС қурилишида иштирок этаётган ташкилотлар вакиллари, шунингдек, таълим муассасалари ҳамда ихтисослаштирилган ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.
Аҳоли вакиллари ишга жойлашиш, таълим олиш, амалиёт ўташ ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш масалаларини кўтарди. Азим Ахмедхаджаев агентлик ваколатига кирадиган мурожаатларни кўриб чиқиб, зарур тушунтиришлар берди. Қолган масалалар эса кейинчалик кўриб чиқиш учун қайд этилди.
Учрашув давомида Фориш туманида ихтисослаштирилган саноат зонасини ташкил этиш, атомчилар шаҳарчасини қуриш ҳамда келгуси йилдан ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш дастурларини йўлга қўйиш режалари ҳам тақдим этилди.
Ўзатом раҳбарининг таъкидлашича, лойиҳа объектларига ишга қабул қилишда маҳаллий аҳоли вакилларига устуворлик берилади. Бу эса минтақа аҳолисини иш билан таъминлаш учун қўшимча имкониятлар яратиши керак.
Ахмедхаджаев лойиҳанинг амалга оширилиши ва у билан боғлиқ имкониятлар ҳақида аҳолини хабардор қилишда фуқаролар билан очиқ мулоқот муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Қабул давомида келиб тушган барча мурожаатлар ҳужжатлаштирилиб, назоратга олинди.
Агентлик аҳоли билан учрашувларни давом эттириш ва фуқароларни АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилиши ҳақида хабардор қилиб боришни режалаштирмоқда.