Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда C5+1 форматида «Марказий Осиё — Хитой» фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳнинг учинчи конференцияси ўз ишини бошлади. Тадбир Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида олти мамлакат авиация маъмуриятлари ва авиакомпаниялари вакиллари иштирокида ўтказилмоқда.
Конференцияда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари қатнашмоқда.
Учрашувнинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, «Ҳаво ипак йўли»ни биргаликда ташкил этиш тўғрисидаги келишувни амалга оширишдан иборат. Мазкур ҳужжат 2024 йил 24 январда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Хитой Фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан имзоланган.
Конференция давомида томонлар фуқаро авиациясининг устувор йўналишларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш ва соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини уйғунлаштириш масалаларини муҳокама қилади.
Тадбир минтақавий авиация ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, қўшма ташаббусларни илгари суриш ҳамда «Ҳаво ипак йўли» лойиҳаси доирасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.