Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27–28 октябрь кунлари Самарқандда демографик ўзгаришлар ва рақамли трансформация шароитида пенсия тизимларининг барқарорлигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда сунъий интеллектни қўллаш истиқболлари, замонавий прогнозлаш усуллари ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбирда Халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар ассоциацияси (ХПИЖА)га аъзо олтита давлат — Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг пенсия таъминоти соҳасидаги экспертлари иштирок этди.
Асосий мавзулардан бири аҳоли демографик таркибидаги ўзгаришлар ва меҳнат бозоридаги тенденцияларнинг пенсия тизимларига таъсири бўлди. Шунингдек, иштирокчилар ижтимоий таъминот механизмларининг самарадорлиги ҳамда соҳанинг яқин 5–10 йил ичидаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга тайёрлигини муҳокама қилди.
Пенсия тизимларини ўрта ва узоқ муддатли режалаштириш, демографик жараёнларни прогноз қилиш ҳамда ижтимоий таъминот соҳасида қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Рақамли кун тартиби доирасида экспертлар демографик прогнозлаш, ижтимоий жараёнларни таҳлил қилиш ва пенсия тизимларини бошқаришда замонавий ахборот технологиялари ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди. Шу билан бирга, рақамли ечимларни жорий этиш билан боғлиқ чекловлар ва хавф-хатарлар ҳам муҳокама қилинди.
Конференция якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон пенсия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Қозоғистоннинг Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Пенсия жамғармаси ва Озарбайжон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси ўртасида қўшма тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ушбу келишувлар пенсия таъминоти соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.