Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ нефть ва газ саноатини декарбонизация қилиш бўйича хартияни (Oil & Gas Decarbonization Charter, OGDC) имзолаган 56 та компания қаторига кирди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.
2026 йил 10 ноябрь куни COP31 иқлим конференцияси доирасида OGDCнинг 2026 йилги «Амалий натижаларни мустаҳкамлаш» (OGDC 2026 Status Report: Strengthening Delivery) ҳисоботи эълон қилинди. Унда келтирилган маълумотларга кўра, хартия иштирокчилари 100 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади ҳамда жаҳон нефть ва газ қазиб олиш ҳажмининг қарийб учдан бир қисмини таъминлайди.
Хартия 2023 йилда COP28 конференцияси доирасида ишга туширилган. Унинг иштирокчилари иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, экологик масъулиятни ошириш ва нефть-газ саноатининг иқлимга таъсирини пасайтириш чораларини қўллаб-қувватлайди.
Ташаббуснинг асосий мақсадлари қаторига 2050 йилгача ёки ундан олдин операцион фаолиятдан келиб чиқадиган иссиқхона газлари чиқиндиларининг соф ноль даражасига эришиш, нефть ва газ қазиб олиш жараёнида метан чиқиндиларини 2030 йилгача деярли ноль даражага тушириш, шунингдек, шу муддатга қадар газни мунтазам равишда машъалада ёқиш амалиётини тўхтатиш киради.
Хартия, шунингдек, 2030 йилгача бўлган давр учун Scope 1 ва Scope 2 тоифалари бўйича чиқиндиларни қисқартиришнинг оралиқ мақсадларини белгилаш ва уларни жамоатчиликка ошкор этишни назарда тутади.
2026 йилги ҳисоботда хартия иштирокчиси бўлган компаниялар томонидан амалий чора-тадбирлар кўлами кенгайиб бораётгани қайд этилган. Хусусан, иссиқхона газлари чиқиндилари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилаётган, оралиқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаётган, метан чиқиндиларини камайтириш ва газни мунтазам равишда машъалада ёқишни тўхтатиш бўйича режаларни жорий этаётган компаниялар сони ортиб бормоқда.
«Ўзбекнефтгаз» учун экологик фаолиятнинг устувор йўналишлари қаторида метан сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш (LDAR), энергия самарадорлигини ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини ҳисобга олиш ҳамда ҳисобот бериш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш белгиланган.
Компания маълум қилишича, мазкур ташаббусда иштирок этиш халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, илғор технологиялар ва ёндашувларни ўрганиш, шунингдек, иссиқхона газлари чиқиндиларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради.