Иқтисод

Ўзбекистон ва Қозоғистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Қозоғистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Қозоғистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қозоғистон фармацевтика соҳасида идоралараро ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегацияси ишчи ташриф билан Қозоғистонда бўлиб турибди. Ташриф давомида делегация миллий регулятор тажрибасини ўрганмоқда ва касбий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Ташриф Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Қозоғистон Дори воситалари ва тиббий буюмларни экспертизадан ўтказиш миллий маркази ўртасида имзоланган ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилган.

Остона ва Олмаота шаҳарларида ўтказилаётган учрашувлар давомида икки мамлакат вакиллари дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, лицензиялаш, фармаконадзорат, рўйхатдан ўтказилгандан кейинги назорат, фармацевтика инспекциялари ва лаборатория тадқиқотлари соҳаларидаги амалий тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифи бўйича Қозоғистоннинг миллий тартибга солиш тизими етуклигининг учинчи даражасига (ML3) эришиш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Томонлар халқаро баҳолаш мезонлари ва илғор регулятор амалиётларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Олмаота шаҳридаги Дори воситалари ва тиббий буюмларни экспертизадан ўтказиш миллий марказининг ЖССТ преквалификациясидан ўтган синов маркази фаолияти билан танишади.

Ташриф дастуридан лабораториянинг сифат менежменти тизимини, халқаро стандартлар асосидаги фаолиятини ҳамда преквалификация жараёнидан ўтиш тажрибасини ўрганиш ҳам ўрин олган.

Тажриба алмашиш миллий регуляторлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, лаборатория фаолиятини такомиллаштириш ва фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги назорати самарадорлигини оширишга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.