Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Япония ресторан бизнеси соҳасида ишлаш учун биринчи босқичда 40 нафар Ўзбекистон фуқаросини тайёрлаш бўйича келишувга эришди. Дастур япон стандартлари асосида ошпазлик маҳоратини ўргатиш ва кейинчалик иштирокчиларни Японияда ишга жойлаштиришни назарда тутади.
Мутахассисларни тайёрлаш ва иш билан таъминлаш масалаларини Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллари Япониянинг M&K ва Yo’l Japan LLC компаниялари, шунингдек, Kanazawa Professional University of Food Management вакиллари билан муҳокама қилди.
Дастур икки босқичдан иборат. Биринчи олти ой давомида иштирокчилар Ўзбекистондаги «INTIL» маркази ва Бўстонлиқ туманидаги профессионал таълим муассасаси базасида таҳсил олади. Тайёргарлик жараёни япон тилини ўрганиш ва ошпазлик касбини эгаллашни ўз ичига олади.
Шундан сўнг таълим Японияда яна бир йил давом этади. Бу босқичда иштирокчилар бир вақтнинг ўзида касбий таълим олиш ва ишлаш имкониятига эга бўлади.
Дастур, шунингдек, Япония давлати томонидан тан олинадиган ошпазлик лицензиясини олишга тайёргарликни ҳам назарда тутади.
Белгиланган талабларни бажариб, ушбу лицензияни қўлга киритган мутахассислар дунёнинг турли мамлакатларидаги япон ресторанларида ишлаш учун номзод бўлиши мумкин.
Миграция агентлиги дастур ва рўйхатдан ўтиш тартиби ҳақидаги қўшимча маълумотларни тегишли жараёнлар тасдиқланганидан кейин эълон қилишини маълум қилди.