Ўзбекистон

Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ газ баллони мусодара қилинди

Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ газ баллони мусодара қилинди
Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ газ баллони мусодара қилинди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда суюлтирилган газнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида 19–21 октябрь кунлари ўтказилган қўшма рейдлар давомида 120 дан ортиқ қоидабузарлик аниқланди. 39 та ҳолатда газ хизмати ходимларининг бевосита алоқадорлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Ўзэнергоинспекция» ходимлари мамлакат ҳудудларида аҳоли учун мўлжалланган газни қонуний тақсимлашни таъминлашга қаратилган текширувлар ўтказди.

Тадбирлар давомида ашёвий далил сифатида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан ортиқ газ баллони ҳамда 13 636 килограмм суюлтирилган газ олиб қўйилди.

Жиззах вилоятида жами 239 та газ баллонини сотиш мақсадида ноқонуний сақлаш билан боғлиқ тўққизта ҳолат аниқланди. Жумладан, Зомин тумани газ таъминоти бўлимининг собиқ раҳбари қариндошининг уйида 152 та баллон сақлаган.

Сирдарё вилоятида Ховос тумани газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларидан бирининг уйидан ҳужжатлари бўлмаган 30 та баллон топилди.

Самарқанд вилоятида Ургут тумани газ таъминоти бўлими баллон тўлдириш шохобчаси қоровули газ тўлдирилган учта баллонни 2,5 миллион сўмга сотаётган вақтида ушланди. Бундан ташқари, Пастдарғом туманида 1972 йилда туғилган фуқаронинг уйидан газ тўлдирилган 22 та баллон аниқланди. Идора маълумотига кўра, у баллонларни туман газ таъминоти бўлими ҳайдовчисидан ҳар бирини 70 минг сўмдан сотиб олиб, 100 минг сўмдан қайта сотган.

Фарғона вилоятида Қўштепа тумани газ таъминоти бўлимининг муҳандиси ва чилангар аҳоли учун мўлжалланган саккизта газ баллонини кейинчалик сотиш мақсадида уйларида ноқонуний сақлаган.

Сурхондарё вилоятида 65 та баллонни ноқонуний сақлаш ҳолатлари расмийлаштирилди. Жумладан, Бандихон туманида яшовчи 39 ёшли фуқаро туман газ таъминоти бўлими ҳайдовчисидан ҳар бирини 70 минг сўмдан сотиб олган 32 та баллонни қимматроқ нархда қайта сотишни режалаштирган.

Навоий вилоятида Хатирчи тумани газ таъминоти бўлими ҳайдовчисининг уйидан 26 та баллон олиб қўйилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган ва бошқа вилоятларда ҳам шунга ўхшаш қоидабузарликлар қайд этилди.

Энергетика вазирлиги аҳоли учун мўлжалланган газ баллонларини ноқонуний сақлаш, уларни белгиланган тартибни бузган ҳолда сотиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди.

Суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши ҳақида маълумотга эга фуқароларга бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 рақамли колл-марказига, «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг 1104 рақамига, Энергетика вазирлигининг +998 71 231-10-64 телефонига, @anticorenergetikauz_bot Telegram-боти ёки aniticor@minenergy.uz электрон почта манзили орқали хабар бериш тавсия этилди.

Вазирлик мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ва хабар берувчиларнинг махфийлиги кафолатланишини маълум қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.