Иқтисод

Солиқ қўмитаси ўз тизимларидан маълумотлар сизиб чиқишини рад этди

Солиқ қўмитаси ўз тизимларидан маълумотлар сизиб чиқишини рад этди
Солиқ қўмитаси ўз тизимларидан маълумотлар сизиб чиқишини рад этди / Фото: Сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвир.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Ўзбекистон Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқлар ва Telegram-каналларда тарқалган маълумотлар унинг ахборот тизимларидан сизиб чиқиши натижасида олинмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Идоранинг киберхавфсизлик хизмати мутахассислари тарқатилган материалларни ўрганиб чиқди ва Қўмита ахборот тизимларининг ҳимояланганлик даражасини қўшимча равишда текширди.

Таҳлил натижаларига кўра, ҳодиса онлайн назорат-касса машиналари (онлайн ККМ) операторларидан бирининг ахборот инфратузилмаси билан боғлиқ экани аниқланган.

Шунингдек, мутахассислар мазкур оператор билан тармоқ орқали амалга ошириладиган ўзаро алоқаларни ҳам текширди. Солиқ қўмитасининг ахборот инфратузилмасига рухсатсиз кириш аломатлари аниқланмади.

Айни пайтда идора онлайн ККМ оператори томонидан ахборот хавфсизлиги бўйича белгиланган талабларга риоя этилаётганини ўрганмоқда.

Агар текширув давомида қоидабузарликлар тасдиқланса, операторга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши мумкин. Улар қаторида компанияни белгиланган тартибда онлайн ККМ операторлари реестридан чиқариш масаласини кўриб чиқиш ҳам бор.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.