Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи арафасида ушбу мамлакат ҳукумати ва бизнес вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Хусусан, Иордания саноат, савдо ва таъминот вазири Яруб Қудаҳ билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар ўзаро савдони кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар геология, кимё ва тоғ-кон саноати, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ҳамда фармацевтика соҳаларини қамраб олди.
Ўзбекистон ва Иорданияда қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва экспорт етказиб бериш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар преференциал савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш, логистика қувватларини кенгайтириш ва ҳаво орқали юк ташишни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
Музокаралар якунлари бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари ва савдо келишувлари портфели шакллантирилди. Аниқ лойиҳалар, уларнинг қиймати ва амалга ошириш муддатлари ҳақида маълумот берилмаган.