7
Иқтисод

Тошкент аэропортида телефонларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилди

Тошкент аэропортида телефонларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилди
Тошкент аэропортида телефонларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро аэропорти орқали олиб кирилаётган мобил қурилмаларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш IMEI кодларини текшириш ва уларнинг қонуний олиб кирилганини тасдиқлаш тартиби аниқлаштирилгунга қадар вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Бундай қарор божхона тўловларисиз товар олиб кириш меъёрларидан ноқонуний фойдаланишнинг мураккаб схемалари аниқлангани билан боғлиқ. Идора маълумотларига кўра, IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларнинг идентификаторларидан фойдаланиш ва бир телефон маълумотлари орқали бир нечта қурилмани қонунийлаштиришга уриниш ҳолатлари кўпайган.

2026 йил бошидан буён «Тошкент-АЭРО» божхона пости ходимлари умумий қиймати 8,8 млрд сўм бўлган 1 185 та мобил қурилмани ноқонуний олиб киришга қаратилган 185 та уринишнинг олдини олган.

Божхона қўмитасида IMEI идентификаторларини, жумладан, IMEI-1 ва IMEI-2 кодлари битта қурилмага тегишли эканини текшириш махсус билим ва малака талаб қилишини таъкидлашди. Шунингдек, ушбу кодлардан фойдаланган ҳолда аввал тармоқда қайд этилган ҳодисалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини ҳам аниқлаш зарур.

Идора бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда IMEI кодларини текшириш ва мобил қурилмаларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартибини аниқлаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилаганини маълум қилди. Тегишли тартиб келишилганидан сўнг вазиятга қисқа муддатда ойдинлик киритиш ва қурилмаларни белгиланган тартибда расмийлаштиришни қайта тиклаш режалаштирилган.

Божхона қўмитаси йўловчиларни ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликка ва фақат расмий манбаларга таянишга чақирди.

Мобил қурилмаларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш масалалари ва эҳтимолий коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун идоранинг кеча-ю кундуз ишлайдиган 11-08 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.