Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани юзасидан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисмига қайта таснифланди. Бу ҳақда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, 2012 йилда туғилган жабрланувчи қиз 2026 йил 28 сентябрь куни Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада жинсий зўравонликка учраган.
Жиноят иши 29 сентябрь куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми «а» банди билан қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олинган, 30 сентябрь куни эса суд унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган.
9 ноябрь куни Қўқон шаҳар прокуратураси жиноят ишини Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисмига қайта таснифлади. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Вояга етмаган жабрланувчининг руҳий ҳолатини тиклаш ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари унга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.
Болалар омбудсмани ўз ваколатлари доирасида жабрланувчининг процессуал ҳуқуқлари таъминланишини кузатиб боришини маълум қилди.
\