Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Таиланд пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бунда жамғариб бориладиган пенсия тизимларини бошқариш, активларни инвестиция қилиш ва мутахассислар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилади.
Ушбу масалалар икки мамлакат вакиллари томонидан Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишлари доирасида ўтказилган учрашувда кўриб чиқилди.
Музокараларда Ўзбекистон Пенсия жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Н. Шадихўжаев, Таиланд Давлат пенсия жамғармаси (GPF) стратегия бўйича бошқарувчи ўринбосари Ман Жуттижудата ҳамда инвестициялар бўйича бошқарувчи ўринбосари Пречада Пансинг иштирок этди.
Томонлар икки мамлакат пенсия тизимларининг жорий ҳолати, жамғариб бориладиган пенсия таъминотини ривожлантириш ёндашувлари ва тегишли механизмларни бошқариш бўйича фикр алмашди. Пенсия активларини инвестиция қилиш ҳамда бу билан боғлиқ хатарларни бошқариш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида иштирокчилар амалий тажриба алмашишни давом эттириш ва жамғариб бориладиган пенсия тизимларини бошқариш бўйича кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.