7
Ўзбекистон

Ўзбекистон BRIDGE халқаро иқлим ташаббусининг илк гуруҳига кирди

Ўзбекистон BRIDGE халқаро иқлим ташаббусининг илк гуруҳига кирди
Ўзбекистон BRIDGE халқаро иқлим ташаббусининг илк гуруҳига кирди / Фото: BRIDGE.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон иқлим лойиҳаларини тайёрлаш ва халқаро молиялаштиришни жалб этишга қаратилган Climate Implementation Bridge (BRIDGE) халқаро ташаббусида иштирок этаётган бешта мамлакатдан иборат дастлабки гуруҳга кирди.

Бу ҳақда 2026 йил 24 сентябрь куни Нью-Йоркда Иқлим ҳафталиги доирасида эълон қилинди. Ташаббус Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) иштирокида COP31 раислиги ҳомийлигида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистондан ташқари, Эфиопия, Фижи, Индонезия ва Покистон ҳам дастлабки гуруҳдан жой олди. BRIDGE ташаббусидан кўзланган мақсад мамлакатларга иқлимга оид режалардан амалий чора-тадбирлар ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ўтишда ёрдам беришдан иборат.

Ташаббус устувор йўналишларни белгилаш, лойиҳаларни тайёрлаш ва халқаро маблағларни жалб қилиш имкониятларини излаш бўйича экспертлар кўмагини назарда тутади. Биринчи босқичда халқаро экспертлар миллий мутахассислар билан биргаликда Ўзбекистоннинг амалдаги иқлим дастурларини таҳлил қилади ҳамда амалга ошириш ва инвестиция жалб этиш учун энг истиқболли йўналишларни белгилайди.

Таҳлил натижалари асосида миллий иқлим устуворликларини аниқ лойиҳалар ва халқаро кўмак имкониятлари билан боғлайдиган йўл харитасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг мазкур ташаббусдаги иштироки мамлакатнинг янгиланган миллий иқлим мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ.

Миллий даражада белгиланадиган ҳиссанинг (МДБҲ) учинчи таҳрири — ОНУВ 3.0 ҳужжатига мувофиқ, мамлакат 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга қисқартиришни мақсад қилган.

BRIDGE доирасида қайта тикланувчи энергетика, энергия самарадорлигини ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, барқарор қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган.

2026 йил 8 октябрь куни Миллий иқлим ўзгариши маркази Туркия томони вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди. Учрашув иштирокчилари Ўзбекистоннинг ташаббусдаги иштирокини кенгайтириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилди.

BRIDGE ташаббуси, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлар билан алоқаларини кенгайтириш, инвестициялар жалб қилиш ва барқарор, кам углеродли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш имконияти сифатида ҳам қаралмоқда.

Ташаббус 2026 йил ноябрь ойида Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) арафасида амалга оширилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.