Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда пенсия хизматларини рақамлаштириш кўлами кенгайтирилмоқда. 2027 йилдан Пенсия жамғармаси фуқаролардан ҳужжатлар ва маълумотларни қоғоз шаклида қабул қилишни тўхтатади, айрим пенсия тўловлари эса фуқароларнинг мурожаатисиз тайинланади.
2027 йил 1 январдан Пенсия жамғармаси фуқаролардан ҳужжатлар ва маълумотларни қоғоз шаклида қабул қилмайди.
Бунда 2026 йил 1 ноябрдан ишсиз деб топилган шахсларга муддатидан олдин пенсия проактив тарзда, яъни фуқаронинг ариза бериши талаб этилмаган ҳолда тайинланади. 2027 йил 1 январдан ушбу механизм боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашда ҳам қўлланилади.
2027 йил бошидан фуқаролар «Менинг пенсиям» онлайн хизмати орқали ўз пенсияси ҳақидаги маълумотларни олдиндан олиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Кейинчалик бошқа пенсия хизматларини ҳам электрон шаклда кўрсатиш режалаштирилган. Жумладан, фуқаролар имтиёзли пенсияни расмийлаштириш, пенсия тўловларини нақд пулда олишга ўтказиш, тўхтатиб қўйилган тўловларни тиклаш, пенсиядан ушлаб қолинган маблағлар ва ихтиёрий равишда тўланган ижтимоий солиқ ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, яшаш жойи ўзгарган тақдирда пенсия ҳужжатларини янги манзил бўйича ҳисобга қўйишни ҳам онлайн амалга ошириш мумкин бўлади.
Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишлаётган фуқароларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш тартибига ҳам айрим ўзгартишлар киритилади.
2026 йил 1 октябрдан белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, бундай фуқароларга бир йиллик меҳнат стажи автоматик равишда ҳисоблаб берилади.
Агар фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосидаги фаолият учун йил давомида тўланган ижтимоий солиқнинг умумий миқдори ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган ижтимоий солиқ миқдоридан кам бўлмаса, бир йиллик меҳнат стажи автоматик равишда ҳисобга олинади. Бунинг учун қўшимча ижтимоий солиқ тўлаш талаб этилмайди.
2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга бўлган фуқаролар учун яна бир имконият яратилади. Улар ишламайдиган оила аъзоси учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин бўлади. Бу орқали келгусида мазкур шахсга ҳам меҳнат стажи ҳисобланиши таъминланади.
Бунинг учун ҳар ойда минимал иш ҳақи миқдорининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш талаб этилади.
Фуқаролар тўланган маблағлар ва шаклланган меҳнат стажи ҳақидаги маълумотларни мобил илова ёки шахсий кабинет орқали кузатиб бориши мумкин бўлади.
Шу тариқа, янги чоралар қоғоз ҳужжат айланмасидан электрон ҳамкорликка ўтиш, пенсиянинг айрим турларини проактив тарзда тайинлашни кенгайтириш ҳамда пенсия ҳуқуқлари ҳақидаги маълумотларни масофадан туриб олиш имкониятини назарда тутади.