Ўзбекистон

Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон «Бирлик кучи – 2026» машқларини бошлади

Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон «Бирлик кучи – 2026» машқларини бошлади
Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон «Бирлик кучи – 2026» машқларини бошлади / Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжонда Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари иштирокида «Бирлик кучи – 2026» қўшма ҳарбий машғулотлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ахборот ва жамоатчилик коммуникациялари департаменти хабар берди.

Машғулотлар Озарбайжоннинг Қорабоғ иқтисодий ҳудудидаги «Қизилқаё» ўқув-машғулот марказида бошланди. Манёвраларда уч мамлакат мудофаа вазирликларининг ҳарбий хизматчилари, жанговар техника, ҳарбий-денгиз кучлари ва авиация воситалари, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари иштирок этмоқда.

Машғулотларнинг асосий вазифалари сифатида қўшма операцияларга тайёргарлик даражасини ошириш, бўлинмалар ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш ва ўқув-машғулот жараёнларини стандартлаштириш белгиланган. Бундан ташқари, иштирокчилар бўлинмаларнинг жанговар қобилиятини ривожлантиришга қаратилган вазифаларни амалий тарзда бажармоқда.

Очилиш маросимида раҳбарият вакиллари турли йўналишларда илғор тажриба алмашиш, замонавий ёндашув ва усулларни ўрганиш, шунингдек, уч мамлакат ҳарбий бўлинмалари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, қўшма тайёргарлик ҳарбий хизматчилар олдига қўйилган вазифаларни бажариш сифатини ошириш, тажриба алмашиш ва иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам қаратилган.

Машғулотлар уч босқичда ўтказилади. Қорабоғ иқтисодий ҳудудидаги «Қизилқаё» ўқув-машғулот марказидан ташқари, тадбирлар Нахичеван Мухтор Республикасидаги «Қорабоғлар» ўқув-машғулот маркази ҳамда Озарбайжоннинг Каспий денгизидаги секторида жойлашган «Бююк-Зира» полигонида ҳам бўлиб ўтади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.