Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғонада Россиянинг «Синергия» корпорацияси иштирокида халқаро таълим дастурини амалга ошириш бошланди. Лойиҳа дуал таълимни ривожлантириш ва шаҳарнинг 1-сонли техникуми базасида рақамли касблар техникумини ташкил этишни назарда тутади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров «Синергия» корпорацияси вице-президенти Михаил Ерофеев ва маҳаллий ҳамкорлар билан учрашув ўтказди. Томонлар халқаро таълим дастурини амалга ошириш ва рақамли касблар техникумини ташкил этиш режаларини муҳокама қилди.
«Синергия» 50 дан ортиқ ташкилотни бирлаштиради, таълим ва инновацион кластернинг асосини эса «Синергия» университети ташкил этади. Ўзбекистонда корпорациянинг таълим экотизимини ривожлантириш доирасида Фарғонадаги 1-сонли техникум базасида рақамли касблар техникумини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудда илк бор халқаро таълим дастурини амалга ошириш бошланди ва унинг доирасида ўқув жараёни аллақачон йўлга қўйилган.
Дастлабки босқичда техникумда 600 нафаргача талабани, халқаро дуал таълим дастурлари бўйича эса яна 120 нафарни ўқитиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, IT курслари 1 100 нафаргача тингловчини қамраб олиши мумкин.
Таълим дастури доирасида дастурлаш, сунъий интеллект, график дизайн, 3D-моделлаштириш, робототехника, киберхавфсизлик ва бошқа замонавий IT йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.
Лойиҳанинг асосий таркибий қисми назарий тайёргарликни амалий иш билан уйғунлаштирадиган дуал таълим тизими бўлади. Талабалар бир вақтнинг ўзида таълим олиш ва корхоналарда ишлаш, олган билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаш имконига эга бўлади. Ўқув жараёнига Россиядан малакали мутахассисларни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Учрашувда, шунингдек, минтақавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Томонлар таълим дастурларини Фарғона вилояти эҳтиёжларига мослаштириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва IT таълими учун замонавий инфратузилма яратиш масалаларини кўриб чиқди.
Рақамли касблар техникумининг тўлиқ фаолиятини 2026 йил декабрь ойида бошлаш режалаштирилган.