Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ҳамда касбий кўникмаларни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар 21–25 сентябрь кунлари ОТБнинг Ўзбекистондаги миссияси доирасида бўлиб ўтди. Миссияга банк бош директори ўринбосари Аяко Инагаки раҳбарлик қилди.
Томонлар инсон капиталини ривожлантириш билан боғлиқ йўналишларда давлат ва хусусий сектор билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди.
Инсон капиталини ривожлантириш ОТБнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик стратегиясидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ташриф давомида Аяко Инагаки ОТБ кўмагида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида амалга оширилаётган лойиҳалар объектларини ҳам бориб кўрди.
У ташаббусларни амалга ошириш жараёни билан танишиш ва уларнинг натижаларини баҳолаш мақсадида хизмат кўрсатувчилар ҳамда ушбу хизматлардан фойдаланувчилар билан учрашди.
Учрашувлар якунига кўра, томонлар ижтимоий ва инсон ривожланишининг асосий соҳаларидаги ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини муҳокама қилишни давом эттирди.