Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига қарз олувчи ва унинг оиласи доимий яшайдиган ягона уй-жойни гаровга қабул қилишда фуқаролар манфаатлари ва эҳтимолий ижтимоий оқибатларни ҳисобга олиш бўйича тавсиялар юборди.
Банкларга бундай ҳолатларда, аввало, мижознинг кредитни қайтариш қобилиятини баҳолаш тавсия этилди. Таъминот сифатида тақдим этилаётган уй-жойнинг қиймати ва ликвидлиги кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилишда асосий омил бўлмаслиги керак. Имкон бўлган тақдирда, банкларга таъминотнинг муқобил усулларини кўриб чиқиш тавсия этилмоқда.
Кредит шартномаси тузилишидан олдин мижозга кредитни қайтармасликнинг эҳтимолий оқибатлари, жумладан, гаровга қўйилган ягона уй-жой ундирувга қаратилиши ва кейинчалик сотилиши мумкинлиги тушунарли шаклда тушунтирилиши тавсия этилмоқда.
Тавсиялар фуқаро ўзининг ягона уй-жойини бошқа шахс ёки тадбиркорнинг кредити бўйича гаровга қўйган ҳолатларга ҳам тааллуқли. Агар қарз қайтарилмаса, ҳатто уй-жой эгасининг ўзи кредит олувчи бўлмаса ҳам, унга тегишли уй-жой ундирувга қаратилиши мумкин.
Муддати ўтган қарздорлик юзага келган тақдирда, банкларга ундирув чораларини қўллашдан олдин қарз олувчининг молиявий ҳолатини ўрганиш тавсия этилмоқда. Бундай вазиятларда кредитни реструктуризация қилиш ёки қарздорликни тартибга солишнинг бошқа усулларини кўриб чиқиш ҳам таклиф этилмоқда.
Марказий банк тавсиялар ягона уй-жойдан гаров сифатида фойдаланишни тақиқламаслигини таъкидлади. Уларнинг мақсади мижозларнинг тўлов қобилиятини лозим даражада баҳолаш, эҳтимолий оқибатлар ҳақида олдиндан хабардор қилиш ва масъулиятли кредитлаш амалиётини ривожлантиришдан иборат.