Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Air Arabia авиакомпанияси авиақатновларни кенгайтириш, янги йўналишларни очиш ҳамда мамлакатнинг туристик салоҳиятини хорижий бозорларда биргаликда тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.
Учрашувда томонлар ҳамкорликнинг жорий ҳолати, Air Arabia авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги амалдаги йўналишлар тармоғи ва янги йўналишларни очиш истиқболларини кўриб чиқди. Авиакомпаниянинг халқаро йўналишлар тармоғидан фойдаланган ҳолда мамлакатга сайёҳларни жалб қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозирги вақтда Air Arabia Тошкент ва Наманган шаҳарларига рейсларни амалга оширмоқда. Тошкентдан Шаржа ва Абу-Дабига ҳафтасига 13 та рейс бажарилмоқда.
Томонлар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа туристик марказларига янги тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйишни муҳокама қилди. Шунингдек, Тошкент — Шаржа ва Тошкент — Абу-Даби йўналишларидаги парвозлар сонини ошириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналишларидан бири Европа, Яқин Шарқ мамлакатлари, Осиё ва Шимолий Африкадан транзит сайёҳларни жалб қилиш бўлиши мумкин.
Туризм қўмитаси ва Air Arabia авиакомпаниянинг рақамли платформалари ҳамда мақсадли хорижий бозорларда Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини тарғиб қилишга ҳам эътибор қаратишга келишиб олди. Жумладан, махсус туристик пакетларни ишлаб чиқиш ва қўшма маркетинг кампанияларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, блогерлар, инфлюенсерлар, туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ахборот турларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Air Arabia бундай сафарларни ўтказишда амалий ёрдам кўрсатишга, жумладан, иштирок этадиган инфлюенсерлар ва блогерларнинг авиачипта харажатларини ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар Европадан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими ортиб бораётганини ҳам қайд этиб, мамлакатни Европа бозорларида янада фаол тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлади. Ҳамкорлик доирасида ҳаво кемалари бортида Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари ва йўналишлари ҳақидаги ахборот материалларини жойлаштириш, шунингдек, Европа ва бошқа мақсадли бозорлардаги йўловчиларни ушбу имкониятлар билан таништириш режалаштирилмоқда.
Air Arabia, шунингдек, «Умра плюс» лойиҳасини қўллаб-қувватлаш ва ушбу йўналишни алоҳида туристик маҳсулот сифатида ривожлантиришда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Авиакомпания вакиллари сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистоннинг туризм соҳасида юз берган ўзгаришларни қайд этди. Уларнинг сўзларига кўра, мамлакатда замонавий юқори тоифали меҳмонхоналар сони кўпайган, жойлаштириш воситалари тармоғи кенгайган ва туристик объектлар инфратузилмаси яхшиланган.
Учрашув якунида томонлар авиақатновларни кенгайтириш ва Air Arabia’нинг халқаро йўналишлар тармоғидан янада фаол фойдаланиш орқали сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган амалий келишувларга эришди.
Бундан ташқари, Air Arabia вакиллари ноябрь ойида бўлиб ўтадиган «Ипак йўлида туризм» мавзусидаги 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этишга таклиф қилинди.
Компанияга ярмарка доирасида ўтказиладиган Инвестиция форуми ва MICE туризми бўйича конференцияда иштирок этиш ҳам таклиф қилинди.