Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Lamoda маркетплейси ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг онлайн платформадаги иштирокини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.
Музокараларни уюшма раиси Муҳаммаджон Жуманиязов компания вакили билан ўтказди.
Учрашув иштирокчилари қўшма лойиҳа бўйича муҳокамаларни давом эттириб, ҳамкорликнинг асосий шартларини кўриб чиқдилар.
Жумладан, маҳаллий корхоналар маҳсулотларини Lamoda платформасига жойлаштириш ва ўзбек брендларини маркетплейс харидорлари орасида илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ишлаб чиқарувчиларни маркетплейс талаблари ва стандартларига ўргатишга, шунингдек, товарларни етказиб беришни ташкил этишни ўз ичига олган логистика масалаларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади.