Шошилинч
7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди
Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 14 октябрь куни болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни имзолади. 14 ёшга тўлмаган шахсни номусига тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб қондириш учун 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.

«Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни Қонунчилик палатаси 30 сентябрь куни қабул қилган, Сенат эса 2 октябрь куни маъқуллаган. Ҳужжат Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Меҳнат кодекслари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, шунингдек, олтита қонунга ўзгартиришлар киритади. Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар 20 йилдан 25 йилгача узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятлар рўйхатига киритилди. Ушбу жиноятларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддатлари қўлланилмайди. Бу қоида номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб қондириш билан боғлиқ айрим бошқа жиноятларга ҳам тааллуқли.

Боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун жавобгарлик ҳам кучайтирилди. Бундай жиноятни қасддан содир этган шахсларга шартли ҳукм тайинланмайди ва уларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилмайди. Вояга етмаган шахсга қасддан оғир ёки ўртача оғир тан жароҳати етказиш энди жазони оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартишлар тергов ва суд жараёнида болаларни ҳимоя қилишга қаратилган. Жинсий зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича жабрланган вояга етмаганлар ва гувоҳлар давлат ҳисобидан адвокат билан таъминланади. Агар болага қарши жиноятни унинг ота-онаси, фарзандликка олган шахслар, васийлар, ҳомийлар ёки бошқа қариндошлари содир этган бўлса, судгача бўлган иш юритувидан тортиб суд муҳокамасигача бўлган барча процессуал ҳаракатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакили иштирок этади. Жинсий зўравонликка оид ишлар бўйича вояга етмаган жабрланувчи ва гумон қилинувчи ўртасида юзлаштириш фақат терговчи, суриштирувчи ёки прокурор қарори ёхуд суд ажрими асосида ўтказилиши мумкин.

«Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунга юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган янги тоифа — зўравонликдан жабрланган ёки унинг гувоҳи бўлган болалар киритилди. Уларга процессуал ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилинган пайтдан бошлаб юридик ёрдам кўрсатилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлиги кенгайтирилди. Энди болаларни тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажармаслик билан бир қаторда, уларга ғамхўрлик қилмаслик ҳам жазоланади. Бунда боланинг асосий эҳтиёжларини қасддан қондирмаслик оқибатида унинг соғлиғига, жисмоний, ақлий ёки ахлоқий ривожланишига зарар етказилиши назарда тутилган. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима белгиланган. Болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ бошқа бир қатор моддалар бўйича жарималар ҳам оширилди.

Кодексга иккита янги модда ҳам киритилди. Болалар ўртасида улар учун тақиқланган ва соғлиғига зарар етказувчи ахборотни тарқатганлик учун тегишли маҳсулотни мусодара қилиш ҳамда жарима қўллаш назарда тутилган. Жарима фуқаролар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахслар учун эса 50 бараварини ташкил этади.

Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаслик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан етти бараваригача жарима солинади.

Меҳнат кодексига меҳнат шартномасини бекор қилиш учун янги асос киритилди. Унга кўра, болаларни тарбиялаш ва ўқитиш учун масъул бўлган таълим ташкилоти ходими болага нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилган тақдирда, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.

Қонун вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини ҳам тугатишни назарда тутади. Уларнинг ўрнига суд ўсмирларни таълим ташкилотлари, тарбия муассасалари ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларига юбориши мумкин.

Шунингдек, назорат остига бериш номли янги чора жорий этилмоқда. Унга кўра, суд 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирни ота-онаси ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикаси органлари раҳбарлари назоратига топшириши мумкин.

Бундан ташқари, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар юзасидан, агар ариза берувчининг ўзи шуни сўраса, унга ёзма жавоб юборилмайди.

Қонунда қайд этилишича, Ўзбекистон аввалроқ Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилган ва Болаларга нисбатан зўравонликни тугатиш бўйича Глобал альянсга қабул қилинган. Шунингдек, мамлакатда 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланган.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.