Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати қурилишда коррупцияга қарши чораларни кўриб чиқди

Ўзбекистон Сенати қурилишда коррупцияга қарши чораларни кўриб чиқди
Ўзбекистон Сенати қурилишда коррупцияга қарши чораларни кўриб чиқди / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 20-ялпи мажлисида қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қурилиш соҳаси мамлакат иқтисодий тараққиёти, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда замонавий инфратузилмани шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис соҳада коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда назорат механизмларининг самарадорлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Парламент сўрови доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимида коррупциявий хавфларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш, давлат архитектура назоратини кучайтириш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Жумладан, коррупциявий хавфларни функционал баҳолаш натижасида 95 та паст, 10 та ўрта ва 1 та юқори хавфли йўналиш аниқланган. Шунингдек, давлат архитектура назорати тадбирлари давомида 1,65 мингта қонунбузилиш ҳолати ҳамда 1,1 мингта ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, 624 та ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилган, жарималарнинг умумий миқдори 68,6 млрд сўмни ташкил этган.

Шу билан бирга, соҳада рақамли назорат механизмларини кучайтириш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган автоматлаштирилган тизим билан таъминланган ҳамда “Notarius”, “E-ma’muriy ish”, “Adolat” ва “UzKad” ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.

Давлат харидлари соҳасида “Масофавий аудит” механизмидан фойдаланиш натижасида 3 млрд сўмлик тендерда қонунбузилишнинг олди олинган, 869,5 млн сўмлик қонунбузилиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Мажлисда қурилиш соҳасида коррупциявий хавфларни камайтиришда норматив талабларнинг аниқ ва тушунарли бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазирлик томонидан 105 та эскирган норматив-техник ҳужжат қайта ишланган, 76 та ҳужжатнинг мажбурий мақоми бекор қилиниб, маълумот учун тавсиявий тоифага ўтказилган.

Сенаторлар ўз чиқишларида коррупцияга қарши курашишда қонунбузилиш содир этилганидан кейин чора кўриш билан чекланиб қолмасдан, уларга имкон бераётган тизимли омилларни бартараф этиш, инсон омилини қисқартириш, қарор қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди.

Муҳокама якунлари бўйича вазирликка коррупциявий хавфларни мунтазам қайта баҳолаш, юқори хавфли йўналишлар бўйича назорат механизмларини кучайтириш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияларнинг ҳаққонийлиги ва тўлиқлигини таҳлил қилиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, архитектура назоратида аниқланган қонунбузилишларнинг тизимли сабабларини бартараф этиш ҳамда рақамли назорат механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

\

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.