Ўзбекистон

17 та ОТМ Олий таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилди

17 та ОТМ Олий таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилди
17 та ОТМ Олий таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилди / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президентининг 2 октябрдаги қарори билан 17 та олий таълим муассасаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимига ўтказилди.

Улар орасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 14 та ОТМ ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 3 та ОТМ бор.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан Андижон, Бухоро, Гулистон, Каттақўрғон, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч ва Шаҳрисабз давлат педагогика институтлари, Жиззах ва Чирчиқ давлат педагогика университетлари, Ўзбекистон миллий педагогика университети, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Пучон университети ўтказилди.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидан эса «Янги Ўзбекистон» университети, Ал-Хоразмий университети ҳамда Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти вазирлик тасарруфига ўтказилди.

Шу қарор билан Ўзбекистон миллий педагогика университети Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети деб қайта номланди.

Олий таълим муассасалари билан бирга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига педагог кадрлар тайёрлаш соҳасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ваколатлари ҳам ўтказилди.

Эндиликда вазирлик ягона концептуал ёндашув асосида олий маълумотли педагогларни тайёрлаш сиёсатини амалга оширади ҳамда педагогик таълимни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Бундан ташқари, вазирлик педагогик таълимнинг изчиллиги ва узлуксизлигини таъминлаш, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш, педагогика соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, шунингдек, педагог кадрлар тайёрлайдиган ОТМларни бошқариш тизимини такомиллаштириш учун масъул бўлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.