Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва Австралияда 2026 йилги аёллар Осиё Кубогининг Маҳаллий ташкилий қўмитаси раҳбарияти вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда асосий эътибор Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 2029 йилги аёллар Осиё Кубогига тайёргарлик масалаларига қаратилди.
Иштирокчилар бўлажак мусобақанинг асосий ташкилий масалаларини, жумладан, инфратузилмани тайёрлаш, логистика ва транспорт таъминотини муҳокама қилди.
Шунингдек, жамоалар ва расмий делегациялар учун зарур шароитларни яратиш, мусобақани самарали бошқариш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Австралияда 2026 йилги аёллар Осиё Кубогининг Ташкилий қўмитаси вакиллари турнирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тажрибаси билан ўртоқлашди. Улар ташкилий ишларнинг асосий босқичлари, операцион жараёнлар ҳамда турли йўналишлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида маълумот берди.
Австралияда мусобақани ўтказишда қўлланилган амалий ечимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда турнирга тайёргарлик кўришда халқаро тажрибадан фойдаланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Жумладан, аёллар футболини янада ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни 2029 йилги Осиё Кубогига тайёргарлик жараёнига интеграция қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Ўтказилган учрашув турнир ташкилотчилари ўртасида амалий тажриба алмашиш ва Ўзбекистоннинг қитъа мусобақасини ўтказишга тайёргарлигининг асосий йўналишларини муҳокама қилиш учун майдон бўлди.