Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Камолиддин Мардонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Тегишли фармонни Ўзбекистон Президенти имзолади.
Янги лавозимга тайинлангунига қадар Мардонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Янги лавозимга ўтиши муносабати билан у ушбу вазифадан озод этилди.
Президентнинг иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида Мардонов Обид Ҳакимовнинг ўрнини эгаллади.
Ҳакимов, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Шу билан бирга, у «Янги Ўзбекистон» университети ректори этиб тайинланди ҳамда Президентнинг иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.