Ўзбекистон

Британия Кенгаши Study UK Alumni Awards учун аризалар қабул қилмоқда

Британия Кенгаши Study UK Alumni Awards учун аризалар қабул қилмоқда
Британия Кенгаши Study UK Alumni Awards учун аризалар қабул қилмоқда / Фото: Ўзбекистондаги Британия Кенгаши.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Британия Кенгаши Study UK Alumni Awards 2027 мукофоти учун аризалар қабул қилишни бошлади. Мазкур мукофот Британия олий таълим муассасаларини тамомлаган, олган билимларини ўз касбий фаолиятида, маҳаллий ҳамжамиятлар ва умуман жамият ривожига йўналтираётган битирувчилар учун мўлжалланган.

Аризалар 2026 йил 1 сентябрдан 15 октябрга қадар қабул қилинади. 29 сентябрь куни эса Ўзбекистонда дастурнинг янги цикли Тошкентдаги Broccoli Park ресторанида ўтказилган медиа-бранчда журналистларга тақдим этилди. Бу ҳақда Британия Кенгаши хабар берди.

Мукофот бу йил ўн учинчи марта ўтказилмоқда. 2027 йилда мукофотлар тўртта йўналиш бўйича топширилади: «Бизнес ва инновациялар», «Маданият, ижод ва спорт», «Фан ва барқарор ривожланиш» ҳамда «Ижтимоий ташаббуслар». Талабларга жавоб берадиган номзодлар иштирокчи мамлакатлардаги миллий мукофот учун ҳам, глобал мукофот учун ҳам бир вақтнинг ўзида кўриб чиқилади.

2011–2026 йиллар оралиғида бакалавриат ёки ундан юқори даражада таълим олган, ҳозирда Буюк Британиядан ташқарида яшаб, ишлаётган битирувчилар ариза топширишлари мумкин.

Мукофотда нафақат Буюк Британиянинг ўзида таҳсил олганлар, балки ўз мамлакатида тан олинган таълим муассасаси орқали трансмиллий ёки масофавий таълим дастури асосида тўлиқ Британия малакасига эга бўлганлар ҳам иштирок этиши мумкин.

Танловнинг асосий мезонларидан бири битирувчининг ўз касбий соҳаси, ҳамжамияти ёки жамиятга қўшган ҳиссаси, шунингдек, бу жараёнда Британия таълимининг тутган ўрни бўлади.

Ўзбекистондаги миллий мукофот финалчилари 2027 йил февраль–март ойларида эълон қилинади. Шундан сўнг мамлакатда тақдирлаш маросимлари ўтказилади. Глобал мукофот финалчилари июль–август ойларида, ғолиблар эса 2027 йил август ойида маълум қилинади.

Глобал ғолиблар Буюк Британияга таклиф этилади. Улар ўз университетларига ташриф буюриш, GREAT дастурининг амалдаги стипендия соҳиблари ва бошқа мукофот совриндорлари билан учрашиш имкониятига эга бўлади.

Мукофотнинг жорий цикли Ўзбекистонда Британия Кенгаши фаолиятининг 30 йиллигига тўғри келмоқда. Ташкилотнинг мамлакатдаги фаолиятига асос солган келишув 1996 йил октябрь ойида имзоланган.

«Ўзбекистонда Британия Кенгашининг 30 йиллигини нишонлар эканмиз, Study UK Alumni Awards дастурида ўз касбий соҳалари, ҳамжамиятлари ва мамлакатларининг ривожланишини шакллантираётган битирувчиларни эътироф этиш учун ноёб имкониятни кўрамиз. Ушбу мукофотлар Британия таълимининг узоқ муддатли қиймати ва уч ўн йиллик ҳамкорлик давомида ривожланган шахслараро алоқаларнинг кучини таъкидлайди. Жадал ўзгаришлар даврида халқаро ҳамкорликка йўналтирилган етакчилар ва новаторларнинг ҳиссаси ҳар қачонгидан ҳам муҳим», — деди Ўзбекистондаги Британия Кенгаши директори Майкл Холгейт.

Ташкилот маълумотларига кўра, 2024–2025 ўқув йилида Буюк Британияда Ўзбекистондан 1 295 нафар талаба таҳсил олган. Яна 10 740 киши мамлакатнинг ўзида Британиянинг трансмиллий таълим дастурлари (TNE) бўйича ўқиган. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Осиёда ўнинчи ўринни эгаллаган. Ҳозир республикада ўндан ортиқ Британия таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Битирувчилар ҳамжамияти таркибида қарийб 300 нафар Chevening стипендияси соҳиблари, Hornby Scholarship дастурининг 11 нафар битирувчиси, Women in STEM Scholarship дастурининг олти нафар битирувчиси ҳамда TNE дастурларининг минглаб битирувчилари бор.

Медиа-бранчда Study UK Alumni Awards 2025 миллий ғолиблари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Westminster International University in Tashkent битирувчиси, «Бизнес ва инновациялар» йўналиши ғолиби Шаҳбоз Ибодуллаев капитал бозорлари ва бизнесни ривожлантириш соҳаларига ихтисослашган. У аввал Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида савдо масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган ва ҳозир Olamvisa виза платформасини ривожлантиришда иштирок этмоқда.

University of Bristol битирувчиси Орзугул Ғойибова ижтимоий йўналишда ғолиб бўлган. У Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигида «Top100 Uni» лойиҳасига раҳбарлик қилади, аёллар учун «Porla» ташаббусига асос солган ва TopCoach менторлик платформасини ишлаб чиққан.

Учинчи миллий ғолиб University of Edinburgh битирувчиси, аудиокитоблар ва электрон китоблар платформаси Mutolaa бош директори Сирожиддин Олимов бўлди. Ушбу платформадан 1 миллиондан ортиқ киши фойдаланади.

«Study UK Alumni Awards учун ариза топшираётганимда, ҳақиқатан ҳам ғолиб бўлиш-бўлмаслигимни билмасдим. Мукофотни қўлга киритиш унутилмас лаҳза бўлди, аммо қўллаб-қувватлаш тақдирлаш маросими билан якунланмади.

Дастур битирувчиларнинг бутун умр давомида таълим олиш ғоясини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда, таълим ва шахсий ривожланишга сармоя киритмоқда. Ушбу қўллаб-қувватлаш туфайли мен яна бир қисқа муддатли курсда ўқиш имкониятига эга бўлдим, курс харажатлари тўлиқ молиялаштирилди. Эътироф, таълим олиш имконияти ва ушбу мукофот берадиган ҳамжамият учун чуқур миннатдорман», — деди у.

Учрашувда, шунингдек, British Council Women in STEM дастури стипендиячилари Робияҳон Набиҷонова ва Албина Холиева ҳам сўзга чиқди. Робияҳон Набиҷонова Cranfield University’да Advanced Mechanical Engineering йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган. Албина Холиева эса University of Glasgow’нинг Sustainable Tourism and Global Challenges дастури бўйича магистр даражасига эга.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги Британия Кенгаши таълим, инглиз тилини ўқитиш, санъат ва креатив индустриялар соҳаларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, ташкилот олий таълим муассасаларига халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва хорижий ташкилотлар билан шериклик алоқаларини йўлга қўйишда кўмаклашмоқда.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.