Ўзбекистон

Ўзбекистонда 2030 йилгача ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар бекор қилинади

Ўзбекистонда 2030 йилгача ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар бекор қилинади
Ўзбекистонда 2030 йилгача ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар бекор қилинади  / Фото: ТДИУ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда амалда бўлган ижтимоий солиқ бўйича имтиёзларни 2030 йилгача босқичма-босқич бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 25 сентябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов пенсия ислоҳоти лойиҳаси муҳокамасига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, имтиёзлар айрим тармоқларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ҳукумат қарорлари асосида жорий этилган. Ўтказилган инвентаризация жараёнида амалдаги имтиёзлар орасида энг кеч тугайдиганининг амал қилиш муддати 2030 йилда якунланиши аниқланган. Шу муносабат билан имтиёзларни бекор қилишни ушбу санагча якунлаш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, имтиёзлар белгиланган амал қилиш муддатлари тугаши билан босқичма-босқич бекор қилинади. Агар муайян имтиёз 2027 йилгача амал қилиши белгиланган бўлса, у амалдаги қонунчиликка мувофиқ шу йилдан бошлаб бекор қилинади, дея аниқлик киритди Фазилкаримов.

Жами 65 мингдан ортиқ корхона ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлардан фойдаланган. Кўрсатилган қўллаб-қувватлашнинг умумий миқдори 3,2 триллион сўмни ташкил этган.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари ижтимоий солиқнинг Пенсия жамғармаси даромадларини шакллантиришдаги аҳамиятини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, жамғарма тақчиллиги 26 фоизни ташкил этади, унинг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ давлат бюджетидан ажратиладиган трансфертлар ҳисобидан қопланади.

Июль ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлил институти амалдаги 1 фоиз миқдоридаги ижтимоий солиқ имтиёзини қайта кўриб чиқишни таклиф қилган эди. Институт маълумотларига кўра, 2022–2024 йилларда ўша вақтда фаолиятини давом эттирган компанияларнинг қарийб 30 фоизи ушбу имтиёздан фойдаланган.

Қўллаб-қувватлаш маблағларини корхоналар ўртасида тақсимлаш бир текис бўлмаган. Имтиёзларнинг умумий суммасининг 80 фоизи энг йирик 10 фоиз компания ҳиссасига тўғри келган, қолган 90 фоиз корхона эса маблағларнинг 20 фоизини олган.

Имтиёз бизнесни яширин иқтисодиётдан чиқишга рағбатлантириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида жорий этилган.

Шу билан бирга, Фискал таҳлил институти баҳосига кўра, қўллаб-қувватлашнинг асосий олувчилари фаолиятини аллақачон қонуний равишда амалга ошириб келган йирик иш берувчилар бўлган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.