Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойлик тиббиёт мутахассислари Хоразм вилоятида 68 нафар болани тиббий кўрикдан ўтказиб, 30 та жарроҳлик амалиётини бепул амалга оширди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига таянган ҳолда хабар берди.
Делегация таркибига Фудан университети Болалар шифохонаси, «Sir Run Run Shaw» шифохонаси, «Future Smile» жамғармаси ва «Meihao Tuoxin Biotechnology Co., Ltd.» компаниясининг 18 нафар шифокори ҳамда вакиллари кирди.
Вилоят кўп тармоқли болалар тиббий марказида хитойлик мутахассислар урология, жағ-юз жарроҳлиги, пластик жарроҳлик, ортопедия ва умумий жарроҳлик йўналишларида операциялар ўтказди.
Вилоят ва туман тиббиёт муассасалари шифокорлари учун амалий тренинг ҳам ташкил этилди. Бундан ташқари, тиббий марказга техник ёрдам сифатида видеоларингоскоп топширилди.
Ҳамкорлик Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Future Smile» жамғармаси ўртасида тузилган меморандумга мувофиқ амалга оширилмоқда. 2025 йилда Ханчжоу шаҳрида 18 нафар ўзбек педиатри малака ошириш курсларида қатнашди. Сентябрь ойида хитойлик мутахассислар 94 нафар болани кўрикдан ўтказиб, 30 та бепул операцияни амалга оширди. Жорий йил апрель ойида Миллий болалар тиббий маркази базасида яна 50 нафар маҳаллий шифокор таълим олди.
Ташриф доирасида Хитой делегацияси Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳам бўлди. Фарғона вилояти кўп тармоқли болалар шифохонаси билан 2027 йилнинг биринчи ярмида болаларга жарроҳлик амалиётларини ўтказиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Бундан ташқари, «Meihao Tuoxin Biotechnology Co., Ltd.» вакиллари Тиббий ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги билан музокаралар ўтказди.
Томонлар Ўзбекистонда тиббий ускуналар ҳамда тиббий-косметик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди.