Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда Франциянинг AP-HP International ташкилоти вакиллари соғлиқни сақлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Онлайн учрашув Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Мулоқотда асосий эътибор тез ва шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш масалаларига қаратилди.
Шунингдек, томонлар тиббий кадрлар тайёрлаш ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришда Франция тажрибасидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.
Музокаралар давомида иштирокчилар амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш йўналишлари бўйича фикр алмашди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар белгиланган йўналишлар бўйича ишларни давом эттириш, тиббиёт мутахассислари учун қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олди.