Молия

Тошкент вилоятида кредитлар билан боғлиқ фирибгарлик схемаси фош этилди

Тошкент вилоятида кредитлар билан боғлиқ фирибгарлик схемаси фош этилди
Тошкент вилоятида кредитлар билан боғлиқ фирибгарлик схемаси фош этилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида фоизсиз ва имтиёзли кредит расмийлаштириш баҳонасида 400 нафардан ортиқ фуқаронинг 17 миллиард сўмдан зиёд маблағини ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, гумонланувчилар интернетда фоизсиз ёки имтиёзли шартларда кредит расмийлаштириш ҳақида сохта эълонларни жойлаштирган. Қизиққан фуқароларни олдиндан ижарага олинган қиммат офисларга таклиф қилган.

Фуқароларга уларнинг номига 100 миллион сўм миқдорида кредит расмийлаштириш таклиф қилинган. Бунда маблағнинг ярмини қарз олувчига бериш, қолган 50 миллион сўмини эса компанияда қолдириш ваъда қилинган. Гуруҳ аъзолари, шунингдек, кредит бўйича ойлик тўловларни ўзлари амалга оширишини айтган.

Амалда эса гумонланувчилар 400 нафардан ортиқ фуқаронинг телефонларидан фойдаланган ҳолда уларнинг номига кредит расмийлаштириб, олинган маблағнинг ярмини ўзлаштирган. Бироз вақт ўтгач, фуқароларга банклар томонидан юзага келган қарздорликни сўндириш талаблари кела бошлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилди. Гуруҳнинг олти нафар аъзоси гумонланувчи сифатида қўлга олинди.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларни интернетда тарқатилаётган «фоизсиз кредитлар», «жуда паст фоизли кредитлар» ва «ҳужжатларсиз кредитлар» каби шубҳали таклифларга ишонмасликка ҳамда эҳтиёткор бўлишга чақирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.