Иқтисод

Фарғона ва Prosica GmbH ёшларни касбга ўқитиш масаласини муҳокама қилди

Фарғона ва Prosica GmbH ёшларни касбга ўқитиш масаласини муҳокама қилди
Фарғона ва Prosica GmbH ёшларни касбга ўқитиш масаласини муҳокама қилди / Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг Prosica GmbH компанияси катта маслаҳатчиси Транг До билан учрашув ўтказди.

Томонлар Германия компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларни касбга ўқитиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Музокараларнинг асосий йўналишларидан бири Фарғона вилояти ёшларига немис тилини ўргатиш ҳамда уларни Германияда хавфсиз ва кафолатланган иш ўринларига жойлаштириш тизимини яратиш бўлди.

Шунингдек, томонлар халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий авто-мактаб ташкил этиш имкониятини кўриб чиқди. Кун тартибидан спорт, хусусан, футболни ривожлантириш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш масалалари ҳам ўрин олди.

Учрашув иштирокчилари белгиланган йўналишлар бўйича Германия тажрибасини Фарғона вилоятида жорий этиш юзасидан фикр алмашди. Малакали кадрлар тайёрлаш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Германия томони вакиллари вилоятда олиб борилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар билан батафсил танишганини маълум қилди. Улар вилоятда яратилган шароитлар ва белгиланган йўналишларни ривожлантиришга тизимли ёндашувни юқори баҳолади.

Хайрулло Бозоров Германия тажрибаси ва замонавий ёндашувларни ҳудудда жорий этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича мулоқотни давом эттириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни босқичма-босқич амалга оширишга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.