Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Корея Республикасининг Ульсан метрополия шаҳрига амалий ташрифи доирасида шаҳар мэри Ким Сан Ук билан учрашди. Томонлар биродарлашган шаҳарлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Ульсан Корея Республикасининг йирик саноат ва экспорт марказларидан бири ҳисобланади. Шаҳар иқтисодиётининг асосини автомобилсозлик, кемасозлик ва нефт-кимё саноати ташкил этади. Ривожланишнинг янги йўналишлари қаторида водород энергетикаси, офшор шамол энергетикаси, келажак автомобиллари ва замонавий энергетика технологиялари бор.
Учрашув давомида Ульсаннинг саноат тараққиётини экологик барқарорлик билан уйғунлаштириш борасидаги тажрибаси ҳам тақдим этилди.
Жумладан, аввал саноат чиқиндилари билан жиддий ифлосланган Тэхваганг дарёсининг қайта тиклангани қайд этилди. Кенг кўламли тиклаш ишларидан сўнг дарё шаҳарнинг муҳим экологик ҳудудларидан бирига айланган.
Фарғона ва Ульсан ўртасидаги муносабатлар 2025 йилда фаол ривожлана бошлади. Шу йилнинг март ойида Фарғонада дўстона алоқалар ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ниятлар протоколи имзоланган бўлса, октябрь ойида Ульсанда биродарлашган шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш тўғрисида келишув тузилди.
Ҳозирги вақтда ҳамкорлик доирасида Фарғонада корейс стандартлари асосида мутахассислар тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Вилоятнинг ёш аҳолиси ҳам Ульсандаги кемасозлик корхоналарида ишлаб, замонавий технологиялар, ишлаб чиқариш маданияти ва саноат стандартлари билан танишмоқда.
Томонлар Ульсаннинг саноат тажрибаси ва технологияларини Фарғона вилоятига жалб қилиш, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш, автомобилсозлик ва келажак мобиллиги, энергетика ҳамда «яшил» саноат соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Фарғонада «Ульсан кунлари»ни ўтказиш таклифи ҳам билдирилди.
«Биз Фарғона ва Ульсан ўртасида имзоланган ҳужжатларни шунчаки дипломатик келишувлар сифатида эмас, балки узоқ муддатли дўстлик, иқтисодий ва технологик шерикликнинг мустаҳкам пойдевори сифатида кўрамиз. Энг муҳими — бу дўстликнинг натижаларини халқларимиз, ёшларимиз ва тадбиркорларимиз ҳис қилиши керак», — деди Хайрулло Бозоров.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш чораларини белгилаб, тегишли «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.