Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 29 сентябрь куни Британиянинг ARUP компанияси минтақавий директори Илкай Чоргундаг ва ARUP Türkiye ижрочи директори Тюлай Хатирназ билан учрашув ўтказди.
Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Учрашув давомида минтақа ва компания вакиллари муҳандислик, архитектура ва шаҳарсозлик соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқди.
Хайрулло Бозоров ARUP компаниясининг халқаро тажрибаси ва замонавий муҳандислик ечимларини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, Фарғона вилояти шаҳарлари ва аҳоли пунктларини ривожлантириш, шунингдек, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини такомиллаштириш масалаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжуд.
ARUP вакиллари Фарғона вилоятининг ривожланиш салоҳияти ҳамда минтақада амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишишга қизиқиш билдирди.
Улар, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини белгилашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.